Хабарингиз бор жорий йилнинг 12 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

21/04/2022

Хабарингиз бор жорий йилнинг 12 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалардан бири бўлган мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришни 3 баробарга ошириш ва келгуси 5 йилликдаги дастурда белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек мамлакатимизда йилига 1,6 миллиард долларлик 1,5 мингдан зиёд турдаги фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан 647 турдаги дори ва тиббий буюмлар ўзимизда ишлаб чиқарилгани билан, ҳар йили қарийб 1,2 миллиард долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда.
2022 йил 1 январь ҳолатига республикамизда жами 221 та фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Улардан, 91 таси дори воситалари, 32 таси тиббий техника, 90 таси тиббий буюмлар ва 8 таси дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга, 140 та дорихоналар дори воситаларини тайёрлашга ихтисослашган.
Шу билан бирга, 616 та улгуржи реализация билан шуғулланадиган ташкилотлар ва 15790 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи дорихоналар ва уларнинг филиаллари мавжуд.
Шу боис давлат раҳбари томонидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янада жадаллаштириш ҳамда мамкалакатимизга инвестицияларни жалб қилиш юзасидан муҳим топшириқлар берилди. Жумладан, Инвестициялар лойиҳа маркази томонидан ишлаб чиқилган 18 та йирик истиқболли лойиҳа бўйича Наманган, Самарқанд ва Сирдарёда тиббий буюмлар бўйича  Хитой ва Корея билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу билан бирга, жойларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммолари кўриб чиқиш, мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда кичик саноат зоналарида инфратузилмани яхшилашга ажратилган маблағлар ҳисобидан 50 миллиард сўм йўналтириш топширилди.
Албатта давлат раҳбари томонидан аҳоли саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида кейинги йилларда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунинг баробарида ушбу тизимда йиғилиб қолган бир қатор муаммоларни бартараф этилиши мени нафақат шифокор сифатида, хусусан Ўзбекистон тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар уюшмаси раиси сифатида ҳам қувонтиради. Сабаби уюшманинг асосий аъзолари ҳисобланган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ички бозорга тақдим этилаётган тиббиёт асбоб-ускуналарини ишлаб чиқаришда бир мунча енгилликлар берилиши катта аҳамият касб этади. Хусусан, қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган хом ашёлар рўйхати Инвестициялар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Фармацевтика агентлиги томонидан тасдиқланиши, маҳаллий корхоналарнинг GMP сертификатини олиш билан боғлиқ харажатлари Фармацевтика агентлиги томонидан қоплаб берилиши, корхоналарни модернизация қилишни молиялаштириш тўғридан-тўғридан инвестициялар жамғармаси иштирокида амалга  оширилиши шулар жумласидандир.


Бундан ташқари Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига уюшма аъзолари фаолиятини ривожлантириш ва тиббиёт асбоб-ускуналарини ишлаб чиқаришдаги муаммолар юзасидан билдирган фикр ва таклифларимиз давлат раҳбари томонидан ечими топиб берилгани эътирофга лойиқ. Жумладан, Тиббиёт қурилмаларини қайта рўйхатдан ўтказиш тартибини бекор қилиш ёки юқори частотасини 10 йилгача этиб белгилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган тиббий буюмлар ва тиббий техника фақат бир маротаба Давлат рўйхатидан ўтказиш, тиббий техникага техник хизмат кўрсатадиган ташкилотлар назоратини “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси” зиммасига юклаш, Республикада тиббий техника ишлаб чиқарилишини ривожлантириш мақсадида маҳаллий тиббий техника ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш каби масалалар мазкур йиғилишда ўз ечимини топди десам адашмаган бўламан.Албатта давлатимиз раҳбари томонидан “Инсон қадрини улуғлаш йили” да амалга оширилаётган барча ислоҳотлар фақат ва фақат инсон омили ва аҳоли саломатлиги асрашга қаратилгандир. Шунингдек, мамлакатимиз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, келгусида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ва ички бозорга етказиб беришда тадбиркорларга  катта имкониятлар беради.

Отабек Жиянбаев,
Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш ва етказиб берувчилар уюшмаси раиси