Обратный звонок RedConnect
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жаҳон аҳлини қалами билан лол этган улуғ аллома, Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги кенг нишонланмоқда. — Uzmedtexprom

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жаҳон аҳлини қалами билан лол этган улуғ аллома, Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Ўзбек халқининг улуғ маърифатпарвари, мутафаккири ва буюк шоири Алишер Навоий 1441 йил 9-февральда Ҳирот шаҳрида дунёга келади.Бўлажак шоир болалик даврларданоқ Темурий шаҳзодалар билан тарбиялана бошлайди. Чунки унинг отаси Ғиёсиддин Кичкина темурийлар авлодидан эди. Алишер ўзининг ўқиши, одоби билан бошқалардан ажралиб турар эди. Алишер Ҳиротда ва Машҳадда ўқиган, мантиқ, фалсафа, мусиқа, ҳусниҳат ва бошқа фанларни, араб ва форс тилларини ўрганган. Навоий ўн беш ёшидаёқ истеъдодли шоир сифатида халқ оммасига танилган. Ўзбек туркий тилдаги шеърларига “Навоий”, форс-тожик тилидаги шеърларига “Фоний” таҳаллусларини қўйган. Унинг ўзбек тилидаги ҳамма шеърлари “Болалик ажойиботлари”, “Ёшлик нодирликлари”, “Ўрта ёш гўзалликлари”, “Қариликнинг фойдалари” тўрт қисмдан иборат “Хазойин ул-маоний” тўпламига, форс тилидаги шеърлари эса “Девони фоний” тўпламига жамланган.
Шоир мактабдор ёки мударрис бўлиб дарс берган бўлмаса ҳам, таълим-тарбия ишида жуда катта хизматлар қилди. Илм-маърифат ҳомийси бўлган Навоий мактаб ва маориф ишларига ҳар доим катта эътибор берди. Меҳнаткаш халқ болаларини ўқитиш ва тарбиялаш учун мактаб ва мадрасалар ташкил этишни давлат олдида турган бош масалалардан бири деб қаради, илм аҳлларига, муаллимларга муҳаббат билан муносабатда бўлди.
Алишер Навоий ёш авлодларнинг илм-ҳунарни ва энг яхши инсоний фазилатларни эгаллаган кишилар бўлишини орзу қилди. Бу ҳақда шоир ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” достонида, ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар у подшо бўлиб кетса ҳам устоз-ўқитувчи олдида қарздор эканлигини таъкидлаш билан муаллимлик касбини улуғлайди:
Ҳақ йўлида кимки сенга бир ҳарф ўқитган бўлса,
Унинг ҳаққини юзта хазина билан ҳам адо қилиб бўлмайди.
Шоир ўзининг кўп асарларида болалар тарбиясига оид фикрларни илгари сурди. Айниқса, “Ҳамса” га кирган “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби достонларининг баъзи бобларини бола тарбияси эгаллаганлигини кўрамиз. Булар орасида “Ҳайрат ул-аброр” (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши”) фалсафийлиги, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий масалаларни қамраб олганлиги билан ажралиб туради. Шоир болаларни ўқимишли, одобли, ростгўй, ҳалол, пок, сахий бўлишга, ота-онани, ўзидан катталарни ҳурмат қилишга , инсофли ва адолатли кишилар бўлиб камол топишга ундайди.
“Ҳайрат-ул-аброр” достонининг олтинчи бобида шоир одоб ва камтарликни улуғлаб, таълим-тарбияга оид қимматли фикр мулоҳазаларни баён этади.
Достоннинг ўнинчи бобида тўғрилик, ростгўйлик ғояси илгари сурилади. Жумладан, “Шер ва Дуррож” масалида ёлғончилик ва эгриликнинг ёмон оқибатлари очиб берилади.
Шоирнинг ўн биринчи ҳикояти ҳам диққатга сазовордир. Шоир унда илм-фанга, илм аҳлига юксак баҳо беради, кишиларни илм олишга, олимларни иззат-ҳурмат қилишга чақиради.
Шоир, одамни вояга етказишда асосий омиллардан бири-тарбия эканлигини уқтиради.
А.Навоийнинг таъбирича, тарбиянинг мақсади-ёш авлодни халқпарвар, билимли, энг яхши фазилатларга эга киши қилиб вояга етказишдир.
Навоий ҳунар аҳлини улуғлайди, барча соф виждонли одамларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, илғор ахлоқий қоидаларни ташвиқ этади.
Алишер Навоий ўз ижодий фаолиятида ахлоқ, одоб масалаларига алоҳида эътибор беради. Шоирнинг фикрича, одоб-одамнинг олижаноб фазилатларидан биридир. Одобли киши очиқ юзли, хушмомала, ёқимли бўлади. Одобли одам доимо ҳурмат ва иззатда бўлади. Ота-она, ака-ука, опа-сингилни, дўстларни ҳурмат, иззат қилмоқ-ҳар бир одобли кишининг бурчидир. Ширин сўз ҳар бир киши учун энг яхши фазилатдир.
Навоий ота-оналарни ўз болаларини-ёш авлодни чин инсонга хос бўлган энг яхши фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашга даъват этади:
Топтинг чу аёл яхшилик топшургил,
Ўргат адабу яхши қилиқ еткургил.
Ҳар неча адаб бўлса, қаттиқ еткургил,
Ҳайлиға адаб қилиб, сабоқ еткургил.
Алишер Навоий ўз ижодида одамларни саҳоватли ва ҳимматли бўлишга ундайди ва ёшларни ҳам шундай фазилатли қилиб тарбиялашга чақиради.
Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида илгари сурилган юксак инсоний ҳислатлар, инсонпарварлик ғоялари ёш китобхонлар маънавиятига ҳам чуқур таъсир этади, уларни халқ, ватан учун муносиб инсон бўлиб етишишларига хизмат қилади.