Обратный звонок RedConnect
Хабарингиз бор, Термиз шаҳрида замонавий марказий лаборатория фаолият бошлагани ҳақида маълумот (https://t.me/Uzpharm_agency/1003) бергандик. — Uzmedtexprom

Хабарингиз бор, Термиз шаҳрида замонавий марказий лаборатория фаолият бошлагани ҳақида маълумот (https://t.me/Uzpharm_agency/1003) бергандик.

Бугунги кунда Ўзбекистон хорижий давлатлар билан дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаётгани тиббий туризмнинг ривожланишига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятига қўшни Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг фуқаролари тиббий хизмат олиш учун келишмоқда. Айнан ушбу ижобий кўрсаткич, чет эл инвесторларини ҳам воҳага жалб этмоқда. Бу эса соҳада хусусий сектор ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Вилоятда сўнгги уч йил давомида хусусий тиббиёт муассасалари икки баробарга кўпайиб, 120 тадан 230 тага етди. Туркиянинг “Kani-med”, Нидерландиянинг “Aues saglik group” компаниялари томонидан замонавий лаборатория маркази ташкил этилиши ҳам юқоридаги фикримиз исботидир.
Маълумки, Туркиянинг “Kani-med” компанияси лаборатория марказларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича катта тажрибага эга. Мазкур компания бошқа кўплаб ривожланган мамлакатларда ҳам ушбу йўналишда марказларни барпо этиб, мутахассисларга замонавий ускуналарда ишлаш услубларини ўргатиб келган.

Шу боис ушбу нуфузли компаниянинг Термиз шаҳрида замонавий лаборатория марказини ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланиб, вилоят офтальмология шифохонасига қарашли бўлган бино инвестиция ва ижтимоий шартлар эвазига “Kani-med” компаниясига берилади.Жорий йил бошида бошланган ушбу муҳим лойиҳа доирасида қурилиш, жиҳозлаш ва фаолиятни электрон ташкил этиш ишларга 2 миллион АҚШ долларига яқин инвестиция қиритилди. Натижада, 30 нафар янги иш ўрни яратилиб, 300 га яқин турдан ортиқ лаборатория таҳлилларини бажариш имкониятига эга марказ бунёд этилди. Эндиликда, мурккаб лаборатория таҳлилларини бажариш учун Тошкентга боришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, таҳлил жавоблари ҳам ўша куннинг ўзида фуқаронинг электрон манзили ёки мобил телефонига юборилади.Ушбу марказ нафақат Сурхондарё вилоятида, балки Ўзбекистон бўйича ҳам энг замонавий лабораториялар қаторидан ўрин олади. Эътиборли томони ушбу тиббиёт масканида Туркиядан келган малакали тиббиёт ходимлари маҳаллий мутахассисларни тайёрлашда яқиндан ёрдам беришади ва фаолият кўрсатишади. Эндиликда аниқлиги ва ишончлилиги билан халқаро стандарт талабларига тўлиқ жавоб берувчи таҳлиллар касалликларни даволашда шифокорларимизга яқиндан ёрдам бериши шубҳасиз.Шу ўринда таъкидлаш жоизки, соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар чекка туман ва қишлоқларга ҳам етиб борди. Амалга оширилаётган ишлар кўламини биргина Сурхондарё вилояти мисолида қарайдиган бўлсак, якунланаётган йилда инвестиция ва “Обод қишлоқ” дастурлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари доирасида 47 та тиббиёт муассасасида 68 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Давлат тиббиёт муассасалари 8 миллион АҚШ долларлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр иштирок этишди ва сўзга чиқишди.