Обратный звонок RedConnect
Соғлиқни сақлаш вазирлиги — Uzmedtexprom

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
ҚАШҚАДАРЁДА ОФТАЛЬМОЛОГИЯ СОҲАСИДА 17 ТА ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛИ ОПЕРАЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири замонавий тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштиришдир. Бу йўналишда ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилоят кўз касалликлари шифохонасида амалга оширилаётган ишлар бунга мисолдир. Яқинда мазкур шифохона давлатимиз томонидан ажратилган 1 миллиард 100 миллион сўм маблағ ҳисобига АҚШда ишлаб чиқарилган замонавий факоэмульсификатор аппарати, Жанубий Кореянинг “ОСТ” (кўз томографияси) ускунаси келтирилди. Эндиликда ушбу технология ёрдамида илгари пойтахтимиздаги етакчи клиникаларда бажариладиган мураккаб операцияларни вилоятда амалга ошириш имконияти пайдо бўлди.

– Айтиш керакки, жарроҳлик соҳасида анъанавий усулда кўзга сунъий гавҳар қўйиш амалиётида шох пардани 12 миллиметргача кесишга тўғри келади, – дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Баҳриддин Эшдавлатов. – Бу эса жиддий жароҳатга сабаб бўлади. Факоэмульсификаторда эса шу кесим 2,8 миллиметрдан ошмайди. Мазкур ускунани амалиётда ишлатиш орқали жароҳат тез битади, жарроҳлик амалиёти вақти, беморнинг стационарда қолиш давомийлиги қисқаради. Бу дунё офтальмологиясида катаракта амалиётининг “олтин стандарти” ҳисобланади. Энди беморлар бу операция учун пойтахтга боришига ҳожат қолмади. Шифохонамизда бу амалиётни кафолатли ва самарали тарзда ўтказиш имконияти яратилди.

– “Операция” ўн дақиқа ҳам давом этгани йўқ, – дейди Чироқчи тумани Кўктош қишлоғилик Абдурасул бобо Кенжаев. – Барака топишсин дўхтирлар, “компьютер-аппарат”и билан ўнг кўзимга бир зумда гавҳар қўйишди. Эртага уйга рухсат берамиз дейишаяпти.

Шифохонада бугунги кунда офтальмология соҳасида қўлланиладиган оптик когерент томография ускунасидан ҳам самарали фойдаланилаяпти. Бу аппарат кўз тубидаги ўзгаришларни, тўқималарнинг микроскопик даражадаги гистологик ҳолатини кўрсатиб беради. Шу орқали аниқ ташхислаш имконияти яратилади. Кўзнинг тўрпарда касалликлари, глаукомани, шунингдек, гипертония, қандли диабет ва ирсий касалликларда кўриш ўткирлигининг пасайиши билан боғлиқ барча касалликларни босқичма-босқич аниқлайди. Даволаш жараёнида кўз ҳолатини мунтазам назоратга олиш имкониятини беради.

Шифохонага яқин кунларда яна яшил лазер ускунаси келтирилиши режалаштирилаяпти. Бу технология ёрдамида миопия касаллиги асоратлари, тўрпарда қон томир касалликлари, қандли диабет касалликларининг кўз тўрпардасидаги ўзгаришлари, глаукома, иккиламчи катарактада лазер жарроҳик амалиётлари қон кетишсиз, оғриқсиз, қисқа муддатда (20 дақиқагача бўлган вақтда) амалга оширилади.

Куни кеча Қашқадарё вилоят кўз касалликлари шифохонасида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази олимлари томонидан ушбу янги технологияларни тиббиёт амалиётига татбиқ этиш юзасидан маҳаллий шифокор учун “маҳорат дарслари” ташкил этилди. Ушбу тадбир доирасида кўз касалликларини жаҳон тиббиётининг илғор технологиялари асосида даволаш бўйича ўн еттита юқори технологияли операция ўтказилди. Шунингдек, қирқдан кўпроқ бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни соғломлаштириш бўйича маслаҳат ва тавсия берилди.