Обратный звонок RedConnect
Президент дори воситалари бўйича қарор имзолади. 1 декабрдан бошлаб сотувда янги тартиб ўрнатилади — Uzmedtexprom

Президент дори воситалари бўйича қарор имзолади. 1 декабрдан бошлаб сотувда янги тартиб ўрнатилади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:

2019 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олиниши лозим ва уларнинг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши;

шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдоси ҳолатларига барҳам бериш бўйича текширишлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга хабар бериш тартибида, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилиши;

кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази қошида ташкил этиладиган идоралараро эксперт гуруҳи таклифлари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати ва эксперт гуруҳининг таркибини тасдиқлайди.

Белгиланишича:

кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларини бериш учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади;

мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар тиббиёт ташкилотларида беморга рецептли дори воситаларини белгиланган тартибда рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланади;

2020 йил 1 январдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишдаги лицензия талаби ҳисобланади (қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиаллари бундан мустасно), мазкур талабнинг мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилиши лицензиянинг амал қилишини ўрнатилган тартибда тугатиш учун асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

уч ой муддатда Дори воситалари ва тиббий буюмларга электрон тарзда рецепт бериш ахборот тизимини жорий этиш бўйича техник ҳужжатларни ишлаб чиқсин ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКка киритади;

2021 йил 1 январга қадар Электрон рецепт бериш тизими, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жорий этилишини таъминласин ва уни Ахборот тизими билан интеграциялаш имкониятини назарда тутади.

Белгилаб қўйилишича:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Электрон рецепт бериш тизимининг буюртмачиси ҳисобланади;

2021 йил 1 мартдан бошлаб Электрон рецепт бериш тизими мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар Тошкент шаҳридаги барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналари учун, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида қўлланилиши мажбурий ҳисобланади;
Электрон рецепт бериш тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, ахборотлаштириш объектларини текширувдан ўтказиш, техник ва лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш, сервер, коммутация ва компьютер ускуналарини харид қилиш “Соғлиқни сақлаш” тармоғи учун ажратиладиган бюджет ажратмалари доирасида, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатларнинг маблағлари, давлат-хусусий шериклик шартномаси доирасида хусусий шерик маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.