Обратный звонок RedConnect
Наманган давлат университетида Ўзбекистон-Россия қўшма тиббиёт факультети очилди — Uzmedtexprom

Наманган давлат университетида Ўзбекистон-Россия қўшма тиббиёт факультети очилди

Наманган вилояти ҳокимлиги делегацияси Россия Федерациясининг Свердловск вилоятидаги Урал давлат тиббиёт университети раҳбариятига Наманган давлат университетида мазкур университетнинг филиалини очиш таклифини билдирган ва бу борада жорий йилнинг январь ойида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди.

Ўтган давр мобайнида мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган қўшма дастурга мувофиқ ҳар икки томон ташкилий масалалар бўйича тегишли тайёргарлик ишларини амалга оширди.

Мазкур тиббиёт факультетида даволаш иши, стоматология, педиатрия иши ва фармацевтика йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида йўлга қўйилади. Таълим рус тилида, Ўзбекистон олий давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олинган ҳолда университетнинг Урал давлат тиббиёт университети билан қўшма таълим дастурлари асосида олиб борилади.

Талабалар Наманган давлат университетида икки йил ўқиб, кейинги курсдан бошлаб ўқишни Урал давлат тиббиёт университетида давом эттирадилар. Битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясида олий таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжати сифатида эътироф этилган университет ҳамда ҳамкор университет дипломларини бериш кўзда тутилган.

Наманган шаҳридаги 2-тиббиёт коллежи бинолари Наманган давлат университети тасарруфига берилиб, бу ерда тиббиёт факультетини ташкил қилиш учун олий ўқув юрти талаблари даражасида қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Янги факультетга қабул шу йилнинг сентябрь ойидан бошланди. Сараланган абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн тарзда Урал давлат университетига жўнатилди.

– Шу йилнинг ёзида Наманган давлат университети раҳбариятининг таклифига биноан Наманганда бўлиб ўтган халқаро бизнес форумда иштирок этган эдик, – дейди Урал давлат тиббиёт университетининг ректори О. Ковтун. – Ўша анжуман Наманган вилоятида соғлиқни сақлаш тизими учун ҳамкорликда амалга оширилаётган кадрлар тайёрлаш лойиҳаси истиқболи аниқ белгилаб олинди. Шунингдек, ёшларни илмий-тадқиқот ишларига фаол жалб этиш, инновацион фаолият ва олий таълим йўналишида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳам қатор келишувларга эришилди. Мана бугун ана шу эзгу мақсадларнинг рўёбини кўриб турибмиз, ишонамизки бу лойиҳа нафақат Наманган вилояти, балки Ўзбекистон учун, шунингдек, биз учун ҳам катта манфаат келтиради ва ҳамкорлигимиз келажакда янада кенгайиб боради.

Тиббиёт факультетида 150 нафар талаба – Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўқишни бошлайди. International Federation of medical students association (IFMSA) дастури доирасидаги академик ҳаракатчанлик талабаларни давр билан ҳамқадам бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Талабалар Хорватия, Греция, Туркия, Болгария, Босния ва Герцеговина, Испания, Италия, Чехия, Франция, Хитой, Венгрия, Португалия каби давлатлардаги ҳамкор клиникаларда стажировка ўтайдилар.

Бугунги кунда Наманган вилоятида фаолият кўрсатаётган 500 дан зиёд давлат ва хусусий сектор тиббиёт муассасаларида 500 яқин врач етишмаётганлиги, яъни олий маълумотли мутахассис кадрлар тақчиллиги мазкур факультет ташкил қилинишининг аҳамиятини кўрсатади.